• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Тадбиркор опа-сингилларимиз сафи янада кенгаяди

Бир қарашда, тадбиркорга айланиш осондай, бироқ чўққининг ҳайбатини пойида туриб ҳис қилган каби бизнес машаққатини ҳам тадбиркор бўлишга киришганда теранроқ англаш мумкин. Агар мавжуд қонунлар кишига суянчиқ бўлиб турса, у ич-ичидан катта қувватни ҳис қилади ва юқори марраларни эгаллайди.

 

Дарвоқе, кейинги йилларда тадбиркорларимиз кўпаймоқда. Хусусан, бугун Самарқанд вилоятида 22 мингдан ортиқ тадбиркорлар фаолият юритаётган бўлса, уларнинг 3 минг нафарга яқини хотин-қизлардир. Очиғини айтиш керак, бу борада Президентимизнинг жорий йил 7 март имзоланган “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни муддао бўлди. Мазкур қарорга кўра, мамлакатимиз барча ҳудудидаги каби Самарқанд вилоятида ҳам Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази ташкил этилди.

 

Марказнинг асосий вазифаларидан бири опа-сингилларимизни ишбилармонликка ўргатиш, ҳунармандлик, оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишида кўмаклашиш баробарида, малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда, маълум йўналишларда ўқувлар ташкил этиб боришдир. Шунингдек, опа-сингилларимизнинг бизнес юритиш кўникмаларини шакллантириш, узоқ муддат бола парвариши билан шуғулланган, мушкул аҳволга тушиб қолган аёлларни касбга йўналтириш бўйича ҳам ишлар олиб борилади. Қолаверса, пухта бизнес-режага эга бўлган хотин-қизларга молия муассасаларидан кредит олишида амалий ёрдам кўрсатилади.

 

Айтиш жоизки, бу борадаги ишлар бошлаб юборилди. Марказимиз шу йилнинг август ойи ўрталарида вилоят Адлия бошқармасидан рўйхатдан ўтган бўлса, ҳозиргача 30 нафар хотин-қизга махсус сертификатлар тақдим этилди, 20 нафари эса ўқувларда қатнашди.

 

Айни пайтда навбатдаги иш режаларимизни яна бир бор пухталаб олдик. Унга биноан, жорий ой бошидан буён ҳар бир туманда ҳамкор ташкилотлар, олимлар, мутахассислар ҳамда илғор тадбиркорлар иштирокида хотин-қизлар ўртасида ўқув-семинарлар ташкил қилинмоқда.

 

Сайёра Салимова,
Самарқанд вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази директори.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech