• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

АЁЛ – МИЛЛАТ ТАРБИЯЧИСИ

Халқимизда “Гул ўсса ернинг кўрки, қиз ўсса элнинг кўрки” деган мақол бор. Зукко боболаримиз ва кайвони момоларимиз азалдан қиз бола тарбиясига жуда катта эътибор қаратишган. Ўз оиласига муносиб келин танлаш борасида эса нафақат қизларнинг одоби ва ҳуснига, балки илмига ҳам аҳамият беришган. Чунки ўқимишли қизлар эртага бир оиланинг оқила ва маърифатли бекасига айланади.
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида қизларни илмли қилиш масаласига алоҳида тўхталиб, олий таълим муассасаларига грантлар сонини икки баравар ошириш, хусусан, қизлар учун алоҳида грантлар ажратиш вазифасини қўйди. Грант учун номзодларни танлаш ва саралаш механизмини ишлаб чиқиш Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига юклатилди.
Қизлар таълими учун грантлар қандай мезонлар асосида ажратилади? Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукарам Нурматовага ушбу савол билан мурожаат қилдик:
– Олий таълим муассасасида ўқиш учун қизларга грант ажратилиши чуқур ўйланган ижтимоий сиёсат маҳсулидир. Бизда мактабни битирганидан сўнг таълимни университетда давом эттириш имконини қила олмаган қизларни тезда турмушга бериш ҳаракатига тушиб кетиш ҳоллари ҳам бор. Шу каби ҳолатлар сабаб баъзида истеъдодли қизларимизнинг олий таълим олиш орзуси армонга айланиб қолади. Президентимиз қизлар таълимига грантлар ажратилиши ҳақида сўз очганида бу каби орзулар армонга айланишига эмас, рўёбга чиқишига яна бир имконият яратилганини халқимиз чуқур ҳис қилди.
Хотин-қизлар қўмитасига билдирилган ишончни оқлаш, саралаш жараёнини адолатли тарзда ташкил этиш борасида дастлабки ишларни бошладик. Мазкур вазифанинг ижросини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан биргаликда жойларда касбларга, кадрларга бўлган эҳтиёжни ўрганувчи ишчи гуруҳ тузилди. Грантга тавсия этилиши мумкин бўлган номзодлар сонини аниқлаш ва жараён шаффофлигини таъминлаш мақсадида номзодларни танлаш ва саралаш қўмитанинг энг қуйи тизимларидан бошланиши кўзда тутиляпти. Ҳар бир ўринга бир неча даъвогар бўладиган, яъни шаффофлик таъминланган механизм ишлаб чиқилиши режалаштирилмоқда. Бу ишларга малакали мутахассислар жалб этилган.
Жамоатчилик томонидан билдириладиган таклиф ва мулоҳазаларни эшитиб, жўялиларини инобатга олиб, шундан кейингина уни ҳужжат шаклида ишлаб чиқиб, ижрога йўналтирилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан зарурий соҳалар бўйича лимит сонини бериш масаласида келишиб олинди. Хотин-қизларнинг аксарияти ўқитувчиликка кўпроқ қизиқишини яхши биламиз. Бу бўйича масъуллар таълим муассасалари билан бирга талабгорларни эҳтиёж юқори бўлган йўналишларга йўналтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб бориши кўзда тутилмоқда.
Айни пайтда олий таълим муассасаларига қизларни қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш тўғрисида низом тайёрланмоқда.
Шу ўринда таъкидлаб ўтишим лозимки, биринчи ўринда билим асосий мезон ҳисобланади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлса, қандай балл олса ҳам ўша қизга давлат гранти ажратилади, деган нотўғри хаёлларга бормаслигимиз зарур. Бу, аввало, истеъдодли қизларни қўллаб-қувватлаш учун берилаётган имтиёздир. Давлат гранти ажратиладиган қизларга тавсияномалар тайёрлашда ортиқча ҳужжатлар талаб қилиниши, бу жараёнда тавсияномалар сохталаштирилишига йўл қўйилмаслигини таъминлаймиз.

Мукаррама Нурматова, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech