• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

Аёлларни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш — давр талаби

Бугун хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланаётир.

 

26-27 сентябрь кунлари пойтахтимизда бўлиб ўтган “Аёлларни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш” мавзусидаги давра суҳбати ана шу талабга ҳамоҳанглиги билан эътиборни тортди.

 

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича Комиссияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ходимлари, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, вазирликлар, давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

 

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари С.Б.Артикова очиб берди.

 

Таъкидлаш ўринлики, жорий йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар сафига билимли, ташаббускор ва ташкилотчи аёлларни жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар танқидий баҳоланиб, бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг жорий йил 11 — 17 март кунлари бўлиб ўтган, мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашган БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 63-сессиясида “Қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда”, дея айтган фикрини алоҳида таъкидлаб ўтганди.

 

Айтиш жоизки, бугунги кунда юртимиздаги давлат ва жамоат ташкилотлари тизимида қарийб 1 минг 500 нафарга яқин аёллар раҳбарлик лавозимларида ишлаяпти. Хотин-қизларимиз орасидан Олий Мажлис Сенатида — 17 нафар (17%) сенатор, Қонунчилик палатасида — 21 нафар (14%) депутат фаолият олиб бормоқда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят халқ депутатлари Кенгашларида бу кўрсаткич 23,5 фоизни, туман ва шаҳарлар Маҳаллий кенгашларида эса 22 фоизни ташкил қилмоқда.

 

Республика бўйича жорий йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислиги учун ўтказилган сайловларда 1 минг 25 нафар аёл ўзини ўзи бошқариш идоралари раиси лавозимига сайланди.

 

Юртимиздаги турли корхоналарда ишлаётган раҳбар аёллар сони ҳам ўсиб бормоқда. Бу кўрсаткич 2017 йили 44,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда 45,3 фоизга етган.

 

Хотин-қизларнинг улуши соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва спорт соҳасида 82,6 фоизни, фан, таълим, санъат ва маданият соҳаларида 72,1 фоизни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 45,5 фоизни, саноатда 38,5 фоизни, қурилиш соҳасида 8 фоизни ташкил этмоқда. Юртимиздаги жами тадбиркорлик субъектлари таркибида тадбиркор аёлларнинг улуши эса 29 фоиздан иборатдир. Шунингдек, айни пайтда 1200 нафардан зиёд хотин-қизлар суд-ҳуқуқ тизими соҳасида фаолият юритади. Турли даражадаги мукофот совриндорлари бўлган хотин-қизлар сони 2400 нафардан ошди.

 

Айтиш жоизки, айни пайтда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан юртимизда хотин-қизлар фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Жумладан, 5 та сиёсий партия билан яқин ҳамкорлик ўрнатилиб, 10 минг нафарга яқин салоҳиятли, фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди ҳамда уларни депутатликка ва турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан Меморандум имзоланиб, сиёсий ҳамда профессионал билимларини ошириш, раҳбарлик кўникмаларини шакллантириш юзасидан ўқув-машғулотлар ташкил этилмоқда.

 

Шунингдек, жорий йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, сайловчи хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро келишув Меморандуми имзоланди ҳамда “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича Комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори иштирокида уюштирилган мазкур давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонунларининг аҳамияти ва моҳияти ҳақида, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашни самарали ташкил этиш хусусида, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлашда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг фаолияти тўғрисида ва бошқа қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

 

Шу билан бирга, истиқболда бизни кутиб турган сайловларда аёлларни мавқеини оширишнинг долзарблиги нуқтаи назаридан, гуруҳларга бўлинган ҳолда, мамлакатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия вакиллари томонидан долзарб мавзуларда чиқишлар қилинди.

 

Давра суҳбатида аёлларни ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳалардаги мавқеини кучайтириш бўйича амалиётда учраётган муаммолар муҳокама этилиб, уларни бартараф қилиш юзасидан таклифлар ҳам ишлаб чиқилди.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси
Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech