• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

БИРОВНИНГ БОЛАСИНИ ЎҒРИЛАБ, У БИЛАН ЧИҚИНДИХОНАДА ЯШАЁТГАН ХАСТА АЁЛ ҚЎМИТАДАН ЁРДАМ СЎРАДИ

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси — кутилмаган ҳолатлар, вазиятлар макони дейиш мумкин. Бу ерга турфа тақдирга эга, турли ўй-ниятдаги инсонлар, асосан, аёллар нажот излаб келишади. Балки шу туфайлидир бу ерда ҳеч ҳам кутилмаган ҳодисаларга тез-тез дуч келинади.

 

Яқинда қўмита ходими Феруза Орипова икки ҳафталар муқаддам бўлиб ўтган ана шундай воқеа ҳақида ҳикоя қилиб берди.

 

“Тонгги соат 7 лар атрофида ишга шошиб тургандим, бирдан телефоним жиринглади. Психолог Шоира Исоқова экан, хавотир билан сўз бошлади:

 

— Феруза, узр сизни безовта қилдим, ишга шошаётгандирсиз... Менга ҳам ҳозир танишларим қўнғироқ қилиб, “Шоира опа, биз яшаётган уй яқинидаги чиқиндихонада бир аёл 1-2 ёшлар атрофидаги бола билан яшаяпти. Бола тинимсиз йиғлайди, она эса “Қашқадарёликман, даволанишим керак, болани детдомга топшираман” дейди, нима қилсак экан шу бўйича?” деб сўрашяпти. Шунинг учун дарров сизга телефон қилдим.

 

— Шоира опа, ўшаларга айтинг, бизнинг 1146 рақамли “Ишонч телефони”мизга чиқиб, воқеа ҳақида батафсил маълумот беришсин. Она-бола ҳали ҳам чиқиндихонада бўлса, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига зудлик билан юборишсин, — дедим мен Шоира опага ва хаёлимдан “Қайсидир қийналган аёл Тошкентга келиб, даволанмоқчи бўлса, имкон тополмадимикин ёки ўзи асл мақсади боласини Меҳрибонлик уйига топширишмикин? Ундай бўлса, нега шунча вақтдан буён чиқиндихонада яшаб юрган экан-а?” деган фикрлар ўтди.

 

Ўша куни соат 10 лар атрофида Қўмитада давом этаётган қабул пайти Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Озода Исломованинг қабулига ўзини “қашқадарёликман”, дея таништирган аёл қўлида кичкина бола билан кириб келди. Суҳбат жараёнида аёлнинг ўзини тутиши, болага нисбатан ўта совуққон эканлиги ва ёши катталиги, болани аввалига ўз фарзандим деб таништириб, кейин эса бировнинг боласи дейиши, саволларга узуқ-юлуқ жавоблар бериши Озодахонда шубҳа уйғотади. У вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Қашқадарё вилоятига қўнғироқ қилиб, аёл ҳақида маълумот сўрайди.

 

Маълум бўлишича, бу аёл аслида руҳий касал бўлиб, ҳақиқатан ҳам бола уники эмас экан. Аёл синглисининг фарзандини ўғрилаб келган бўлиб, бечора ота-она 2 кундан буён боласини қидираётган, ҳатто уни топиш учун вилоят ички ишлар бошқармаси ҳам “оёққа турган” экан. Болакайнинг онаси эса хавотир ва қўрқувдан аҳволи ёмонлашгани маълум бўлди.

 

Шу куни Қашқадарё вилояти хотин-қизлар қўмитаси раиси тезкор чора кўриб, аёл ва бола учун машина юборди. Болакай онасининг қўлига соғ-омон топширилди. Хаста аёл эса даволаниши учун шифохонага ётқизилди”.

 

Чиндан ҳам, лоқайдлик инсониятни жаҳолатга етаклайди, ҳушёрлик эса тинчлик ва хотиржамликка сабаб бўлади. Агар аёлни ўша чиқиндихонада кўрганлар хабар бермаганида, уларни анча вақт боқишмаганида, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига кузатиб юборишмаганида, қандайдир салбий воқеа содир бўлиши мумкин эди-ку. Психолог Шоира Исоқова, қўмита ходимлари Феруза Орипова ҳамда Озода Исломованинг вазиятни тўғри баҳолаб, ўз вазифасига масъулият билан ёндашишгани боис балки юз бериши муқаррар бўлган бир фожианинг олди олиниб, ҳаммаси яхшилик билан якунлангандир?!

 

Ҳаммамиз ҳамиша ана шундай ҳушёр бўлайлик.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech