• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

БОЗОРЛАРДА ЁТИБ ЮРГАН АЁЛ КИМ ЭДИ? (видеоролик)

4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси ижтимоий тармоқларда пойтахтимиздаги “Абу-Сахий” бозори атрофида уйсиз қолган кекса ёшдаги онахон кўчада ётиб кун кечираётгани ҳақида видеохабар тарқалди.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг топшириғига кўра, Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитасидаги тегишли мутасаддилар мазкур видеохабардаги воқеанинг ҳақиқатга нечоғли мос эканлигини ўрганишди.

 

Бугуннинг ўзидаёқ Тошкент шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси котибият мудири Малика Расулова тақдири ғоят чигал бу онахон ҳақида аниқланган барча маълумотни қўмита Матбуот хизматига тақдим этди.

 

Маълум бўлишича, ўзини аввалига Фарғона вилоятидан, исми-шарифини Шамсиева Клара Тажибаевна деб таништирган, Фарғонада қариндошлари, каттагина участкаси бор эканлигини айтган бу аёл аслида Тошкент вилоятининг Паркент туманилик Тожибоева Махмуда Тошканбоевна экан.

 

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Тожибоева Махмуда Тошканбоевна 2019 йил 8 август куни ҳам Чилонзор тумани маъмурий судининг қарорига биноан Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасининг Реабилитация марказига жойлаштирилган, бу муддат тугагач эса, яна бозорларда тиламчилик қилиб, тунлари шу ерларда ётиб юрган экан...

 

М.Тожибоева дарҳол Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази қошидаги Тошкент шаҳар реабилитация қилиш ва мослаштириш марказига жойлаштирилди. Бу ерда аёл чўмилтирилиб, унга янги кийим-бош берилди, овқатлантирилди, психолог ва тиббиёт ходимлари унинг саломатлиги борасида иш олиб боришди.

 

Бир неча соат давом этган қидирув ишларидан сўнг аёлнинг яқинлари топилиб, уларга М.Тожибоеванинг турган жойи ҳақида маълум қилинди. Кечки соат 20 лар атрофида анчадан буён бозорларда ётиб юрган бу аёл қариндош-уруғлари бағрида Паркент туманига кузатиб қўйилди.

 

Куюнчак юртдошларимиз туфайли яна бир инсоннинг ҳаёти яхшилик томонга ўзгарди, десак, асло муболаға қилмаймиз. Шундай экан, ён-атрофимизда юз бераётган воқеалар ҳамда инсонлар тақдирига асло бефарқ ва лоқайд бўлмайлик.

 

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech