• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ГЕНДЕР ТЕНГЛИККА ХАЛАЛ БЕРИШИ МУМКИН БЎЛГАН ОМИЛЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ ЭКАНЛИГИНИ БИЛАСИЗМИ?

Бугун Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказида “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар талабларидан келиб чиқадиган ва амалга ошириладиган вазифалар” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

 

Тадбирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда бошқа ташкилот ва идоралар мутасадди раҳбарлари, шунингдек, UNFPA, USAID ҳамда БМТ Тараққиёт дастури вакиллари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари ва журналистлар ҳамда блоггерлар иштирок этди.

 

Семинарда сўз олганлар мамлакатимизда аёлларга ғамхўрлик кўрсатиш ва хотин-қизлар ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, юртимизда давом этаётган муҳим сиёсий жараён – Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашларга сайловларда аёлларга қаратилаётган эътибор, хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётида тутган ўрни ҳамда давлат бошқарувидаги аҳамияти хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Шунингдек, “Гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг имкониятларни кенгайтиришнинг халқаро стандартлари”, “Меҳнат муносабатларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”, “Таълим ва илм-фан соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”, “Оилавий муносабатлар ҳамда болалар тарбияси соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” мавзуларида маърузалар тингланди.

 

— Гендер тенглик тўғрисидаги қонун бизга Ўзбекистон аёлларининг барча соҳадаги иштирокини кучайтириб беради, — деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Баситханова. — Бироқ Гендер тенглик тушунчасини турлича талқин қилиш, бу тушунчани миллий мезонларга зид қўйиш, таьбир жоиз бўлса “бир қоп оғир юкни эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам кўтариши”ни гендер тушунчаси қилиб кўрсатиш ҳоллари ҳам мавжуд.

 

Шунингдек, айни гендер тенгликка эҳтиёж юқори бўлган жараёнларда тушуниб-тушунмасдан аёл манфаатларини чегаралаш ҳоллари ҳам кузатилмоқда. Масалан, кейинги пайтда Зулфия мукофотининг олий ўқув юртига кириш бўйича имтиёзини бекор қилиш борасида таклифлар илгари сурила бошланди.

 

Лекин юртимизда ўғил болаларни, йигитларни олий маълумот олиши борасидаги имтиёзлар билан солиштириладиган бўлса, қизларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларни олий маълумот билан қамраб олиш борасида ҳали қўшимча ислоҳотлар зарурлигини кўриш мумкин.

 

Бироқ гендер тенгликни таъминлашнинг давлат бошқаруви йўналишига ёндашганда ҳам кўр-кўрона, яъни “аёлми, мана аёл” деган тушунча билан салоҳияти юқори бўлмаган кадрларни кўтар-кўтар қилишга ҳам йўл қўймаслик керак.

 

Мана шу каби чуқур таҳлилларга асосланмаган иддао ва талаблар гендер тенгликни таъминлашга халал бериши мумкин. Бизда ҳозирги кунда гендер борасидаги қонуннинг барча ижобий таъсирларига эҳтиёж юқори. Чунки ҳали бирорта ҳоким аёл йўқ, вазирлар орасида аёллар кам. Жойларда юқори ва даромадли лавозимларга аёлларни тайинламасликка уриниш “амалиёти”нинг таъсири ҳали-ҳамон сезилади.

 

Анжуманда аёлларни зўравонлик ва тазйиқлардан асраш, уларга ҳуқуқий ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш, реабилитациясини таъминлаш масалаларида қилинаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди. Жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун ва моҳияти ҳақида тушунча берилди, хотин-қизларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ички ишлар органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Глобал мақсадлар ва Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш Пекин мажбуриятларининг бажарилиш индикаторлари, соғлиқни сақлаш тизимида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика маркази ва шелтерлари томонидан тазйиқ ҳамда зўравонлик жабрдийдаларига кўрсатилаётган ёрдамлар тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech