• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ХОТИН-ҚИЗЛАР ҚЎМИТАСИ КЕРАК(МИ?): БИР ТАШРИФДА ИККИ НАТИЖА

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг делегацияси жорий йилнинг сентябрь ойида Санкт-Петербург шаҳрида сафарда бўлган эди. Делегация шунчаки шаҳарнинг ҳусну жамолига маҳлиё бўлиб, ул-бул харид қилиб қайтишни эмас, балки бугунги сиёсат талаб қилаётгани каби хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳолидан хабар олиш, уларга ёрдам кўрсатиш ва албатта миллий санъатимиз ва адабиётимиз сеҳрини яна бир бор эслатишдек улкан вазифани амалга оширди.

 

  Ҳар қандай ташкилот инсон тақдирига ижобий таъсир қила олсагина керакли бўлади. Шу маънода Хотин-қизлар қўмитаси Санкт-Петербург шаҳридаги сафар жараёнида 2 нафар аёлнинг муаммоси, муаммо бўлганда ҳам оғир ижтимоий-руҳий масаласига ечим топди.

 

Биринчи ҳолат:

Муаммо: Самарқандлик Шоира Даминова иқтисодий аҳволини ўнглаш учун 2014 йилда Санкт-Петербург шаҳрига кетади, бошига мушкулотлар тушади. Бир йигитга алданиб ҳомиладор бўлади, паспортини йуқотади. 2016 йилда туғруқхонада болани дунёга келтиради, лекин болага ҳеч қандай ҳужжат расмийлаштиролмайди.

Ўзи ҳам, боласи ҳам ҳужжатсиз бўлгани сабабли Россия қонунчилиги бўйича бола болалар уйига топширилади. 2 йил уриниб ҳам боласини қайтариб ололмайди. Ҳатто, у ердаги консуллик хизмати вакиллари ҳам ватандошимизга ёрдам беришда сансалорликка йўл қўяди.

Ҳаракат: Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги ва фаол депутатларни, Санкт-Петербургдаги "Мадад" нодавлат ташкилотини жалб қилган ҳолда фуқарога ёрдам бериш чораларини кўрди.

Суд сўзи “фойда” деган маънони беради, лекин бу фойда кимнинг фойдасига ҳал бўлганини адолат тарозиси кўрсатади.

Натижа: 19 ноябрь кунги суд қарори билан Шоира Даминованинг боласи қайтариб берилди.

 

 

Иккинчи ҳолат

  Муаммо: Оҳангаронлик 49 ёшли Дилфуза Газибекова ҳам 2014 йилда худди ўша сабаб – пул топиш, оиласини тебратиш мақсадида Москва вилоятининг Норофоминск шаҳрига иш қидириб боради.

Асли Сурхандарёнинг Деновидан бўлган Сирожиддин Халиков билан учрашади. Таъбир билан айтганда, (афсуски) Россияда ўз юртдошларимиз томонидан кўп қайтариладиган “спектакл” такрорланади. Яъни, бошида Дилфузага иш ва уй-жой топишга ёрдамлашади, 1 ой ўтгандан кейин Дилфузанинг топган пулларини, паспортини олиб қўйиб, қамаб қўйиб таъзйиқ ўтказади. Ҳатто, бир неча кун эрталабдан-кечгача ўрмонга олиб бориб, дарахтга боғлаб ҳам қўяди.

  Ҳаракат: Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг делегацияси телефон орқали Д. Газибекова билан яширинча боғланиб, вазиятни ўрганиб, Ички ишлар вазирлигининг Одам савдосига қарши кураш бошқармасига мурожаат қилди. Дилфузанинг Оҳангаронда яшовчи опасини топиб, керакли ҳужжатларни расмийлаштирди. Норофоминск шаҳридаги полициячилар Д.Газибекованинг ҳолидан хабар олиб, С.Халиковга жарима қўллади.

  Натижа: Д.Газибекова тазъйиқдан қутқарилди, Россиядаги масъуллар билан ўтказилган музокара воситасида ойлик маоши олиб берилди ва 29 ноябрь куни уни Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш учун Қўмита вакиласи Норофоминск шаҳрига юборилмоқда.

  Албатта, ўз ўрнида ҳар икки аёл ҳам Хотин-қизлар қўмитасига миннатдорчилик билдирмоқда.

  Хулоса ўзингиздан, азизлар!

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech