• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

“ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАР ЕТАКЧИСИ” КЎКРАК НИШОНИ КИМЛАРГА БЕРИЛДИ?

Аввал хабар қилганимиздек, 29 – 31 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар комплексида “INNOWEEK – 2019” Инновацион ғоялар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.

 

Бугун якунига етадиган мазкур ҳафталик доирасида уюштирилган Инновацион маҳсулотлар кўргазмасида маҳаллий ва хорижий инновацион ҳамда илмий марказлар, инвестиция жамғармалари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлар ўзларининг энг сўнгги технологиялари, инновацион лойиҳалари, прототиплари ҳамда бизнес моделлари билан иштирок этмоқда. Намойиш қилинаётган маҳсулотлар, лойиҳалар ва ғоялар мамлакатимиз иқтисодиёти учун қулай бўлган янги инвестицияларни танлаш, жалб этиш имконини беради.

 

“INNOWEEK – 2019” ҳафталиги доирасида Халқаро инновацион-инвестицион форум, Халқаро робототехника чемпионати (IRC), Осиё – Тинч океани технологиялар трансфери маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган “Инновациялар ва технологиялар трансферида интеллектуал мулкнинг аҳамияти” мавзусидаги минтақавий семинар, “Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони совриндорларини тақдирлаш маросими, “Future Foresight” семинар-тренинглар ҳамда бошқа тадбирлар бўлиб ўтди.

 

“Инновацион ғоялар етакчиси” кўкрак нишони билан республикамизнинг ўн иккита вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳридан жами 14 нафар иштирокчи тақдирланди.

 

Уларнинг орасида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан уюштирилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” кўрик-танлови ғолибалари — Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалининг катта ўқитувчиси Фируза Ачилова ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ўқитувчиси Мунаввара Қурбанованинг борлиги, айниқса, қувончлидир.

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси барча ғолибларни илк маротаба берилган юксак эътироф нишонининг дастлабки соҳиби бўлгани билан самимий табриклайди. Келгусида ҳам инновацион фикрлашдан тўхтамасликлари, ижодий ёндашув асосида халқимиз ҳаётини янада яхши, янада фаровон ва қулай қилишга ҳисса қўшадиган ғоялари сўнмаслигини тилайди.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech