• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

“ITWOMENUZ” ЛОЙИҲАСИ ХОТИН-ҚИЗЛАРГА НИМА БЕРЯПТИ?

Мобиль иловаси Экспертлар кенгаши томонидан маъқулланган Ироданинг фикрича, ҳар галги куз-қиш мавсумида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳамда энг ачинарлиси, бунинг оқибатида вафот этиш ҳолатлари кузатилади. “Бунга биз ечим топиш учун изландик. Ис газини аниқлайдиган ва хонадон эгаларига хабар берадиган мобиль илова яратдик. Агар уйда махсус детектор ис газини аниқласа, WiFi орқали хонадон эгасининг телефонидаги мазкур иловага хабар қилади. Детекторнинг QR-коди ёрдамида хонадонда яшовчиларнинг барчаси бу иловага уланиб олиш имконига эга. Келгусида мазкур иловани янада ривожлантирмоқчимиз”, дейди Ирода...

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви Миллий агентлиги қошидаги Ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича “Mirzo Ulugbek Innovation Center” инновация маркази, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент Ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ҳамкорликда жорий йилнинг 19 августидан бошлаб “ITWomenUz” лойиҳаси илк маротаба амалга оширилмоқда.

 

Мазкур лойиҳани уюштиришдан кўзланган мақсад хотин-қизларни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига жалб қилиш, уларни мобиль илова, веб-сайт, дастурий маҳсулотларни яратиш, компьютер графикаси ва дизайнерлик фаолиятига ўқитиш ҳамда дастурчи сифатида шаклланишларига кўмаклашиш орқали фрилансер сифатида бандлигини таъминлашдан иборатдир.

 

Даставвал Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида жорий йилнинг август ойида бир ҳафта (19 – 24 август кунлари) давомида ўқув-амалий машғулотлар ташкил этилиб, мобиль иловалар тайёрлаш, веб-сайтлар яратиш, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ҳамда компьютер графикаси ва дизайн йўналишларида ўқувчи-қизларнинг малакаси оширилди.

 

Сўнгра тингловчиларнинг олган назарий билимлари ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида фаолият юритаётган ташкилот ва корхоналарда уч ҳафта (26 август – 19 сентябрь) мобайнида амалиётга татбиқ қилинди. “ITWomenUz” лойиҳасининг иккинчи босқичи 19 сентябрдан бошланди. Хусусан, 16 – 19 октябрь кунлари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасида “ITWomenUz” лойиҳаси иштирокчилари ўзлари яратган веб-сайт, дастурий маҳсулотлар ҳамда мобиль иловалар ва электрон плакатлар тақдимотини ўтказишди. Тайёрланган барча лойиҳалар бўйича экспертлар ўз фикрларини билдириб, баҳоладилар. “ITWomenUz” лойиҳаси қатнашчиларининг энг муваффақиятли лойиҳалари якуний босқичга тақдим этилди.

 

Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчилари Робия ва Азиза: “Бизнинг иловани “Мy mahalla” деб номладик. Унинг асосий вазифаси инсонларнинг муаммо, таклиф ва шикоятларини тегишли давлат органларига етказишдан иборат. Улар иловада ўз йўналиши бўйича жойлашади. Фойдаланувчининг истагига кўра, у бошқаларга кўриниб туриши ёки фақат тегишли муассаса учун кўринарли қилиш мумкин. Расм ва видеолар юклашнинг ҳам иложи бор”.

 

“ITWomenUz” лойиҳаси иштирокчилари Муқаддас ва Мунира: “Tabletic” мобиль иловаси исталган вақтда дориларни нархлари билан бирга топиб беришга ёрдам беради. Шунингдек, мазкур иловада бошқа шунга ўхшаш иловалардан фарқли ўлароқ, дориларни “Яндекс такси” орқали етказиб бериш хизмати ҳам бор. Бундан ташқари, дастурдаги “Gift for you” ҳамда “Gift from you” бўлимларига кириб уйда фойдаланилмаётган дориларни ишлаб чиқарилган санаси ҳамда яроқлилик муддатини киритган ҳолда жойлаштириш мумкин. Бунда фойдаланувчи дорига нарх белгилаши ёки текинга бериши ихтиёрийдир”.

 

Ноябрь ойининг учинчи ўн кунлигида хотин-қизларнинг ўқув-амалий машғулотларда ҳамда амалиёт давомида эришган натижалари баҳоланиб, яхши кўрсаткичларни қайд этган иштирокчиларга сертификат берилади. Шунингдек, учинчи босқичда ўз лойиҳаларини муваффақиятли тугатган дастурчи хотин-қизлар “Энг яхши мобиль илова”, “Энг яхши веб-сайт”, “Энг яхши дастурчи”, “Энг яхши дизайнер” номинациялари бўйича лойиҳа доирасида ўтказиладиган танловда қатнашишади. Қолаверса, номинациялар бўйича танлов ғолиблари аниқланиб, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.

 

Қолаверса, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш истагида бўлган хотин-қизларга кредит маблағлари ажратилади.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech