• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ИЖТИМОИЙ СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА

2019 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссия мажлиси бўлиб ўтди. Унда Давлат дастурида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида амалга оширилган ишлар, истиқболдаги вазифалар ва 2020 йилдаги Давлат дастурига киритиш учун таклифлар муҳокама этилди.

 

Мажлисда Комиссия аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси вакиллари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

 

Таъкидланганидек, Давлат дастурига киритилган ҳар қандай масала мамлакат тараққиёти, юртдошларимиз ҳаётининг фаровонлиги ва келгуси авлодларнинг баркамол улғайиши учун ғоят зарур. Шу боисдан ундаги ҳар бир топшириқ ижроси жиддий ёндашувни талаб этади.

 

 

Жумладан, Давлат дастурининг 221-бандида 1 июлга қадар 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб давлат буюртмаси ва табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини босқичма-босқич жорий этиш орқали олий таълим муассасаларини ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш, уларга молиявий масалаларда мустақиллик бериш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган. Президентимизнинг 2019 йил 11 июлдаги тегишли қарори билан таълим масканларини янги тизимга ўтказиш тартибини тайёрлаш муддати 2019 йил 1 октябрга қадар узайтирилган. Бироқ шунга қарамасдан топшириқ ижроси ҳамон таъминланмаган.

 

 

 

Давлат дастурининг 231-бандида “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлашга 2 трлн. сўм сарфланиши ва 50 мингта янги иш ўрни яратилиши қайд қилинган. 2019 йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида 1 848 та бизнес-лойиҳага жами 412 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратиш орқали бор-йўғи 7 778 та янги иш ўрни яратилган.

 

Ижроси учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари масъул бўлган ушбу муҳим вазифа бажарилмай қолаётгани жиддий изоҳ талаб қилиши мажлисда алоҳида таъкидланди.

 

Қайд этилганидек, комиссиянинг ўтган мажлисида ушбу масала муҳокама этилиб, қабул қилинган қарорда мутасаддиларга алоҳида топшириқлар берилган, лекин ҳануз амалий натижа кўринмаяпти.

 

Мажлисда бу ва бошқа камчиликлар атрофлича таҳлил қилиниб, Давлат дастурида белгиланган ва ижроси қониқарсиз бўлган вазифалар учун масъул идоралар мутасаддиларининг жавоблари эшитилди.

 

 

Шунингдек, 2020 йилдаги Давлат дастурининг Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларига киритиш учун тайёрланган таклифлар ҳақида сўз юритилди.

 

Таъкидланганидек, бу борада тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат қилиниб, 100 га яқин таклиф олинди. Хусусан, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари, олий ва ўрта махсус таълим, инновацион ривожланиш, жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари ҳамда Республика хотин-қизлар қўмитасидан асослантирилган таклифлар қабул қилинди.

 

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси масъул ижрочилари билан ишчи гуруҳ ташкил қилиниб, ҳар бир мулоҳаза атрофлича муҳокама этилди ва якунида ягона хулосага келиниб, таклифлар Президент Администрациясига киритилди.

 

Жумладан, 2020 йил учун аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш давлат буюртмасини ишлаб чиқиш, тегишли миллий профессионал стандартларни амалиётга жорий этиш лозимлиги қайд этилди.

 

Ушбу соҳанинг меъёрий-ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш учун бир қатор янги ҳужжатлар, шу жумладан “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентлиги тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш зарурлиги таъкидланди.

 

 

Соғлиқни сақлаш соҳасида тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш мақсадида даволаш-профилактика муассасаларини жиҳозлаш, хусусий тиббиёт хизмати соҳасини янада ривожлантириш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ривожланган мамлакатларнинг олий тиббий таълим муассасаларини кенг жалб қилиш борасида таклифлар билдирилди.

 

Мажлисда кўриб чиқилган масала юзасидан Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича Комиссиянинг қарори қабул қилинди.

 

 

МАНБА: Ўзбекистон Республикаси  Олий Мажлиси Сенатининг  Ахборот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech