• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

#Лирик чекиниш БИЗГА “ОТАЛАР КУНИ” КЕРАК!

Ота! Шу учта ҳарф тилимиздан учар экан сергак тортамиз, хушёр тортамиз. Оталик бошқа муқаддасликлар каби улуғвор мақом ҳисобланади. “Ота дуоси” деймиз, “отанинг танбеҳи” деймиз. Ота билан боғлиқ сўзлар ва тушунчалар олдида ички бир эҳтиром ва беозор бир ҳадикда турамиз. Буни шарқона тарбиянинг гўзал натижаси дейдилар.

 

Отажоним, қиблагоҳим, падари бузрукворим деб улуғлаймиз отамизни. Юксак мартабаларда, лавозимларда меҳнат қилиб халқ меҳрига сазовор бўлган инсонларни ота деб улуғлаш қадрияти бор халқимизда.

 

“Отангдан олдин дастурхонга қўл узатма”, “Отангдан олдинда юрма”, “Отангни йўлини кесиб ўтма”, “Отангга тик қарама!”. Шу насиҳатлар таъсирида улғайган авлодлар бу сўзлар замиридаги ўзбекона фалсафани яхши англайди, албатта.

 

Бироқ, бугун глобализация буҳронлари ичра шу улуғ мақом ҳам  заҳа топаётгандек. Ҳар куни бот-бот такрорлаймиз:

“Фарзанд тарбиясида ОТАнинг роли камайиб кетди!”

“Оилада отанинг мақомини тиклаш керак!”

“Эркак педагоглар ўқув даргоҳларда камлиги учун оталарча тарбия усуллари қўлланилмаяпти.”

 

Бу сўзларда ҳақиқат бор. Бизга балки “Оталар куни” керакдир. Чунки белгили саналар одамга инсонни қадрлашни ўргатади, бутун халқнинг онги ва руҳиятига белгили кунга амал қилишни, шу санани маърифий одат тарзига айлантиришни сингдиради.

 

Тасаввур қилайликки, бугун бутун дунёда “Оталар куни” деб эълон қилинган. Отаси ҳаётларимиз эрта тонгдан борайлик оталаримиз ҳузурига, “Отажон, бу дунёда борлигингиз, дуоларингиз менга куч беради. Бахтимга соғ бўлинг, қиблагоҳим” дейлик.

 

Отаси бу ёруғ дунёни тарк этиб кетганлар эса “Отажон, мен сизнинг ёруғ изингизман, сиз менда давом этаяпсиз, руҳингизга дуодаман” деб дуойи хайрлар жўнатсин жаннатларга!

 

Бу бизнинг ОТА деган улуғвор мақомнинг залворини, масъулиятини, фарзандларнинг ота зотига бўлган эҳтиромини, оталарнинг оиладаги ўрнини юксак тутишни эслатиш маъносидаги бир таклифимиз! Ва албатта бу таклиф катта ижтимоий муаммолардан ҳам туғилгани бор гап.

 

Ўзингиздан қолар гап йўқ азизлар!

 

Қуйида эса Сизга эшитсангиз отангиз ҳузурига беихтиёр йўл олишга чорлайдиган қўшиқларни ҳавола этамиз!

 

 

 

 

 

 

 Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech