• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ЎЗБЕКИСТОННИНГ 6 ТА ЙИРИК ЖАМОАТ БИРЛАШМАСИ ХАЛҚҚА НЕГА МУРОЖААТ ҚИЛДИ?

Яқин-яқингача ҳар бир жамоат ташкилоти ўз низоми ва фаолият йўналишидан келиб чиққан ҳолда алоҳида иш олиб борар, қайсидир муҳим дастурлар доирасида ҳамкорликда ишланиб, ягона мақсад сари қадам ташланмаса, одатда, ҳар қайси ташкилот давлат ва жамият олдида турган долзарб муаммоларни мустақил равишда ҳал этарди. Ҳатто шундай бир тенденция ҳам шаклланган эдики, жамоат ташкилотлари замон олдимизга қўяётган саволлар ечимига жавоб топишда ҳам “Бу менинг вазифам доирасига кирмайди”, “Бу масала билан фалон ташкилот шуғулланиши керак”, “Нега мен?!” деган ёндашув ҳамда қарашлар билан ўзини ўзи чеклаб қўярди.

 

Ўтган давр бундай қарашнинг хато бўлганини яққол кўрсатиб берди. Бугунги куннинг янги талаблари кексаларни эъзозлаш, оила қадриятларини ўғил-қизларга ёшлик чоғларидан тўғри тушунтириш, оилавий муаммоларнинг туб илдизини чуқур ўрганиб, ажримларга ечим топиш, маҳаллаларда хотин-қизлар билан ишлайдиган мутахассисларнинг билимини ошириш, асл миллий урф-одатларимизни асраб-авайлаш, ёшлар онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилишда мамлакатимиздаги олтита йирик жамоат бирлашмаси — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг қўлни-қўлга бериб, ягона ғоя асосида иш олиб боришини тақозо қилмоқда.

 

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг кичик мажлислар залида “Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги” мавзусида бўлиб ўтган видеоселектор шаклидаги ўқув-семинарида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг республика ва вилоятлар ҳамда туманлар раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ишчи-ходимлари ва мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур анжуманда оилаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик йўқолиб, муносабатларга манфаат, тама қўшилаётгани, ўз боласининг тарбиясига лоқайд ота-оналар сафи кенгайиб бораётгани, айрим оилаларда отанинг мақоми пастлиги, ижтимоий-маънавий муҳитда парокандаликка юз тутилиб, оилавий муносабатларда мувозанатнинг бузилаётгани, оилада эркакнинг ўрни бой берилгани боис оилавий ажралишлар, жиноятлар ҳамда мулкий можаролар сони кўпаяётгани ачиниш билан қайд этилди. Бу муаммоларнинг илдизига узил-кесил барҳам бериш мақсадида жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

 

Видеоселекторда юқорида таъкидланган муаммоларнинг ечимини топишга хизмат қиладиган муҳим устувор вазифалар ва истиқболда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинган Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи,“Нуроний” жамғармаси ва “Оила” маркази фаолларининг Мурожаати қабул қилинди.

 

Шунингдек, тадбирда Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли равишда ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил октябрь – декабрь ойларига мўлжалланган Ҳамкорлик дастури қабул қилиниб, унинг изчил ижросини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилди.

 

7 та бўлим ва 24 та банддан иборат ушбу дастурга кўра, қуйидаги устувор йўналишлар бўйича ишлар амалга оширилиши режалаштирилган:

 

Оилаларда меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш йўналишида:

- оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган “Кўринг, ҳавас қилинг, ибрат олинг!” мавзусида ижтимоий роликлар, кўрсатувлар тайёрлаш, давра суҳбатларини ўтказиш;

- оила муқаддаслиги, ота-она ва миллий қадриятларга ҳурмат ҳиссини оширишга қаратилган SMS-хабарнома юборишни йўлга қўйиш;

- Фуқаролик суди ва ФҲДЁ органи биноларида “Оила бурчаклари”ни ташкил этиш;

- “Оиладаги тотувликка биргаликда эришамиз!” шиори остида “Маслаҳат” акциясини ташкил этиш;

- “Оила ва жамият фаровонлиги – тараққиёт омили” мавзуcида аҳоли билан учрашувлар ўтказиш.

 

Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш йўналишида:

- “Кийиниш маданияти ва одоби”, “Аёл маънавияти” мавзуларида тарғибот тадбирларини ўтказиш;

- қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, касбга ўргатиш ва бандлигини таъминлашга қаратилган “Маърифатли қизнинг қадами қутлуғ келур” акциясини ташкил этиш.

 

Тўй ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш йўналишида:

- Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма қарори мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш;

- тўй ва маросимларнинг маънавий-маърифий асосларини мустаҳкамлаш борасида учрашувлар, давра суҳбатлари ва тарғибот тадбирларини ўтказиш;

- тўй ва маросимларни ихчам, тартибли ўтказиш бўйича хотин-қизлар ўртасида жамоатчилик муҳокамаси, маслаҳатлашув ва давра суҳбатларини ташкил этиш;

- маҳаллаларда намунали тўйлар ўтказилишини ташкил этиш;

- тўй ва маросимларни ўтказишда маҳалла раисларининг фаолиятини ташкил этиш тартибини ишлаб чиқиш.

 

Ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик ва раҳмдиллик руҳида тарбиялаш йўналишида:

- Нуронийлар ва пенсиядаги ҳарбий хизматчилар иштирокида умумтаълим мактабларида “Кексалар маърифати” мавзусидаги тадбирларни ташкил этиш;

- Ватанга муҳаббат, оилавий қадриятларни тарғиб этувчи ва огоҳликка чорловчи бадиий фильмларни тизимли равишда аҳолига қулай бўлган вақтда намойиш этилишига эришиш;

- Ўқувчиларнинг давомати бўйича тизимли жамоатчилик назоратини амалга ошириш, намунали ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарини рағбатлантириш;

- Умумтаълим мактабларининг 9 – 11-синф ўқувчилари иштирокида “Маҳалла менинг тақдиримда” кўрик-танловини ўтказиш.

 

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштириш йўналишида:

- Аҳоли билан суҳбатлар ўтказиш, шу жумладан, уйма-уй юриш вақтида тушунтириш ишларини олиб бориш, ободонлаштириш ишларига кенг жамоатчиликни жалб этиш;

- “Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабардир” мавзусида ижтимоий роликлар тайёрлаш ва намойиш этиш.

 

Оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишида:

- Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлардаги ижтимоий-маънавий муҳитга таъсир кўрсатувчи ҳолатларга муносабат билдириш тизимини такомиллаштириш;

- “Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилувчи тузилма” танловини ҳар бир жамоат ташкилоти тизимида ўтказиш.

 

Мазкур вазифаларнинг ҳаётга тўлақонли равишда татбиқ қилиниши маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, аниқланган муаммоларнинг мутасадди ташкилотлар томонидан бартараф этилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назорати механизмини ишга тушириш имконини беради. Таъсирчан жамоатчилик назоратини мукаммал шаклда йўлга қўйиш эса давр талаби бўлиб, жамиятда ижтимоий адолат барқарор бўлиши, шахс, жамият ҳамда давлат алоқаларида тенглик, масъулият ва жавобгарлик бўлиши учун хизмат қиладиган омилдир. Бу институт одамларнинг дардини, кундалик ўй-ташвишларини яқиндан тушунишда, уларнинг оғирини енгил қилишда энг халқчил “адолат тарозиси”га айланиши шубҳасиз.

 

Дастурни амалга ошириш механизмлари бўйича Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Баситханова, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раиси Ш.Жавлонов, “Нуроний” жамғармаси Республика бошқаруви раиси Ш.Жалилов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ҳожиматов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси А.Саъдуллаев ҳамда “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Тошмуҳамедова тақдимот қилди ва нутқ сўзлади.

 

Ушбу дастур доирасидаги ишлар натижасида маънавий-маърифий тадбирлар тизимли ташкил этилиши, бундай тадбирларнинг таъсирчанлиги ошиши, оилалар ва маҳаллалардаги муҳит янада соғломлаштирилиши, аҳолида салбий иллатларга нисбатан муросасизлик маданиятининг шакллантирилиши, “юқоридан – қуйига” тизими асосида ишни тўғри назорат қилиш механизмининг самараси туфайли жойлардаги мутахассислар ва жамоат ташкилотлари ходимларининг иш фаолиятини бундан-да жонлантиришга эришилиши кутилмоқда.

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech