• Телефон:+99871 239-40-42
  • Манзил: Мирзо Улуғбек т-н, Мирзакалон Исмоилий к. 1Г-уй
  • Ишонч телефони: 1146
  • Иш кунлари: Душанба-Жума, 9:00-18:00
Меню

ЖИЗЗАХ ТОМОНЛАРДА: ЎҚУВ КУРСЛАРИДАН ТОРТИБ "САЙЁР АВТОБУС"ГАЧА

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам янгиланишлар, ўзгаришлар, юксалишлар юз бермоқда. Бошқача айтганда, ҳаёт ўз маромида кечяпти. Қуйидаги қисқа сатрлар ҳам бунинг яққол исботидир.

 

Жиззах вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази томонидан вилоятдаги 2 та олийгоҳ билан тузилган шартномага мувофиқ, Жиззах политехника институтининг 30 нафар битирувчи курс талабаси учун ўқувлар ташкил этилган эди. Ноябрь ойининг дастлабки кунлари мобайнида Зомин тиббиёт коллежи биносида 30 нафар хотин қиз ана шундай курсларда муваффақиятли ўқиб, тадбиркорлик кўникмалари бўйича тест синовларини ҳам муваффақиятли топширишди. Ўқув курсини тамомлаганларга сертификатлар берилди.

 

 

 

 

Кеча Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактабида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 19 мартдаги ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббусга бағишланган видеоселекторда берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш юзасидан тадбир уюштирилди. Худди шундай тадбир Зафаробод туманидаги 3-умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлиб ўтди.

 

 

 

Жиззах вилояти Хотин-қизлар қўмитаси томонидан прокуратура, фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, ички ишлар бошқармасининг масъул ходимлари иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган матбуот анжумани ўтказилди.

 

 

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманидаги “Дўстлик” МФЙда профилактика инспектори раҳбарлигидаги “Жиноятчилик профилактикаси гуруҳи” аъзолари билан маҳаллада ижтимоий-маьнавий муҳитни яхшилаш, нотинч оилалар билан ишлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш масалалари бўйича профилактик суҳбат ўтказилди. Аниқланган муаммоларни маҳалла даражасида бартараф этиш юзасидан чоралар белгиланди.

 

 

 

Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Маданият маҳалласида “Анзират бувилар” иштирокида қизларнинг кийиниши ва уларнинг таълим-тарбияси, ҳудудда қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, низоли оилалар билан манзилли ишлаш масаласида суҳбат бўлиб ўтди.

 

 

 

Худди шу тумандаги оддий аскар Жамолиддин Қаршибоевнинг турмуш ўртоғи Феруза Қаршибоева вилоят Хотин-қизлар қўмитаси кўмагида тижорат банкининг имтиёзли кредитини олиб, “Шоҳруза” тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйди. Айни пайтда бу ерда тўрт нафар ҳарбий хизматчининг аёллари иш билан таъминланган.

 

 

 

Бугун Жиззах вилоятида “Мирзачўл тикувчилик мажмуаси”нинг навбатдаги филиали Пахтакор туманида ўз иш фаолиятини бошлади. Тикувчилик мажмуасига 130 нафар хотин-қиз ишга қабул қилинди. Келгусида бу аёлларнинг барчаси янги уйлар билан таъминланади. Шунингдек, уларга оилавий даромадларини ошириш имконияти ҳам яратилмоқда.

 

 

 

“Ҳуқуқий-психологик ёрдам ва реабилитация этиш сайёр автобуси” Ишчи гуруҳ билан биргаликда энг чекка ҳудудлардаги аҳоли орасига кириб, уларнинг муаммоларини эшитиб, ўз вақтида ҳал этиш чораларини кўрмоқда. Хусусан, улар жорий йил октябрь ойида вилоятнинг 5 та туманида бўлиб, аҳолининг 50 дан зиёд муаммоларини жойида бартараф қилишга эришдилар.

 

 

 

 

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Матбуот хизмати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech