Ishonch telefoni: 1146 Telefon: +99871 202-10-59

 

Барчангизга маълумки, сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат бошқаруви ва жамиятнинг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Аввало, 2021-2022 йиллар мобайнида соҳага оид 41 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат (2 та қонун, Президентнинг 2 та фармони ва 12 та қарори, 26 та Ҳукумат қарори) қабул қилинган.

2022 йил 15 декабрь куни “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида” Қонун (ЎРҚ-809-сон) қабул қилиниб, гендер тенгликни таъминлашнинг янги механизми – “гендер аудит” нормаси киритилди. Бунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида, шу жумладан кадрлар сиёсатини олиб боришда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, шунингдек гендерга доир комплекс ёндашув ўрганилади ҳамда баҳоланади.

Гендерга оид аудит тасдиқланган уч йиллик режага асосан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида ўтказилади.

Шу билан бирга, охирги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни алоҳида эътироф этиш лозим. Хусусан, жорий йил апрель ойида “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун қабул қилинди.

Қонун билан 5 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, хотин-қизлар билан ишлаш тизими институционал ислоҳ қилинди. Уларнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти билан боғлиқ барча масалаларни қамраб олган бир қатор янги тузилмалар фаолияти йўлга қўйилди.

Мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар аёлларимиз, айниқса, қишлоқ жойлардаги хотин-қизларимизнинг меҳнат ва турмуш шароитлари сезиларли даражада яхшиланиб бораётганида ҳам яққол кўринади. Қувонарлиси, бу борада эришаётган ютуқларимиз халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Республикамизнинг айнан шу йўналишдаги позицияси қатор халқаро рейтингларда босқичма-босқич яхшиланиб бормоқда.

Олий Мажлис Сенати Кенгашининг “Гендер тенглик фаоли” миллий танловларини ўтказиш тўғрисида”ги Қарори билан “Гендер тенглик фаоли” миллий танловини ўтказиш белгиланган бўлиб, танлов 2020 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда.

“Гендер тенглик фаоли” миллий танловини ташкил этишдан мақсад –
бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил ва тарғиб қилиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамият ҳаётида фаоллигини янада оширишдир.

Танлов низомига кўра унда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, жамият ривожи йўлида ташаббускор, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари қатнашиши белгиланган.

2022 йилдан танлов 7 та асосий (“Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) давлат органи (ташкилоти)”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий давлат органи (ташкилоти)”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат органи (ташкилоти)”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокимлиги”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ҳудудий ҳокимлик”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол ННТ”, “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол тадбиркорлик субъекти”) ҳамда 3 та қўшимча (“Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши ТВ-дастур”, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган Интернетдаги энг яхши веб-сайт ёки портал”, “Гендер тенгликни тарғиб қилишга қаратилган энг яхши нашр”) номинациялари бўйича ўтказилиши белгиланди.

2022 йилда ўтказилган танловнинг қуйи босқичларида 1 000 дан ортиқ вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳокимликлар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ҳудудларда ўтказилган танлов якунлари бўйича республика босқичида асосий номинацияларда 100 га яқин, қўшимча номинацияларда 15 та ташкилот иштирок этди.

Шунингдек, вазирлик, идора ва ташкилотлардан республика даражасида танловда иштирок этиш учун 32 та ҳужжат келиб тушган бўлиб, комиссия аъзолари томонидан баҳоланди.

Танловнинг Республика комиссияси қарорига асосан 25 та иштирокчи белгиланган номинациялар бўйича ғолиб деб топилди.

Комиссия хулосасига кўра танловнинг 2022 йилги босқичи якунлари бўйича ғолибларни айнан корхона, ташкилот ёки муассасанинг меҳнат жамоаси иштирокида тақдирлашга қарор қилинди. Танловдаги ғолиблик бу шу ташкилот номидан тақдирлаш маросимида иштирок этган раҳбар ёки унинг вакилининг ғалабаси эмас. Бу жамоавий ютуқ ҳисобланади. Айнан шу сабабли ғолиблик статуэткасини ҳамда махсус дипломни меҳнат жамоаси иштирокида топширишга қарор қилинди. 

Мана шундай тақдирлаш маросимининг навбатдагиси Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказида ташкил этилди.

Унда Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича Республика комиссияси, Олий Мажлис Сенати аъзолари,  Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, нодавлат, нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази “Гендер тенглик фаоли” танловининг

 “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги далат органи” номинацияси бўйича 3-ўринни қўлга киритган Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази раҳбари диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланди.

Таъкидлаш ўринлики, Марказ томонидан бугунги кунда тизимда гендер тенгликни таъминлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилаётганлиги, жумладан, ишга қабул қилиш ва уни ўташ даврида ҳотин-қизлар ва эркакларнинг бевосита ва билвосита камситишга йўл қўйилмаслик чоралари кўрилаётганлиги, Лавозимларга тайинлашда, хизматда кўтарилишида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланаётганлиги, марказда эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий, ижтимоий, сиёсий фаоллигини ошириш, ижтимоий-қўллаб борасида гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгаши самарали фаолият олиб бораётганлиги марказнинг “Гендер тенглик фаоли” танловида ҳақли равишда ғолиблар қаторидан ўрин олди деб ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкин.

Марказда бугунги кунда фаолият олиб бораётган ходимларни 50 фоизидан ортиғини аёллар ташкил этмоқда.

Марказ томонидан ҳудудларда педагоглар, прихологлар иштирокида “Эркаклар ва аёллар, шу жумладан қизлар учун тенг имкониятлар ва тенг ҳуқуқларнинг кафолатлари” мавзусида семинар-тренинглар доимий ўтказиб келинмоқда.

Марказ томонидан “Гендер тенглик” ва “Гендер стереотиплари” номидаги 2 та анимацион фильмлар тайёрланиб, educare.uzedu.uz махсус ахборот порталига жойлаштирилган.

Тадбирда шунингдек, хотин-қизлар ҳамда вояга етмаганларга нисбатан содир этилаётган турли хил зўравонлик ҳолатларига нисбатан қатъий жазо чораларини белгилаш билан бир қаторда бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида кўрилаётган чоралар бўйича ўзаро фикр алмашилди.

Иштирокчилар билан Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида қонун (ЎРҚ-829-сон, 11.04.2023) қабул қилинган қонун тарғиб этилди.

 

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси