Халқимизда “Ватан остонадан бошланади” деган нақл бор. Бу тарбия масаласига ҳам таaллуқлидир. Тарбия, энг аввало, оилада, донолар фикрича, ҳатто она қорнидан бошланади. Қадимдан ота-онанинг зиммасида ўз фарзандларини ҳар томонлама мукаммал қилиб тарбиялаш вазифаси турган. Оилада, айниқса, қиз бола тарбиясига эътиборлироқ бўлишга тўғри келган. Пазандалик, саранжом-саришталик, бичиш-тикиш, меҳмон кутиш ва муомала қилишни билиш оилада қизлар тарбияси учун энг керакли бўлган жиҳатлар ҳисобланади.
Биз қизларимизга ёшлигиданоқ миллий урф-одатлар ва удумларимизни сингдириб борамиз, ота-онасини, қолаверса маҳалла кўйдаги обрў-эътиборли оилаларнинг аёлларини, қизларини намуна қилиб кўрсатамиз. Одоб-аҳлоқ, шарм-ҳаё, ибо, мулойимлик, юриш-туриш ва кийиниш маданияти, тежамкорлик, сабр-тоқатли бўлиш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз. Минг йиллик халқ оғзаки ижоди қайси даврда юзага келганидан қатъий назар, уларда хотин-қизлар жамиятнинг асосий ҳаракатга келтирувчи кучи сифатида, меҳрибон она, садоқатли ёр, улуғ мураббий, эрлар, ака-укалар, фарзандларга маслакдош, оила ва рўзғор ишларида ўта тадбиркор, ҳатто давлатни адолат билан бошқаришга қодир ақл-идрок, тафаккур ва жасорат эгаси, юрт ва эл осойишталиги учун курашувчи паҳлавон, гўзаллик, зеболик, барнолик туйғуларини камол топтирувчилар тарзида талқин этилади.
Айни вақтда Тўмарис, Барчиной, Юнус пари, Мисқол пари, Гулнор, Зулхумор, Тегина, Ойдин, Ойчинор, Орзугул, Гулойим, Товка ойим, Норгулой каби ўнлаб етук образлар ҳаёти, фаолияти, жасоратини асрлар давомида қизларимизга ўрнак қиламиз.
Тарих — буюк мураббий. Ундан сабоқ олмоқ авлодлар учун ҳам шараф, ҳам юксак бурчдир. Жасорати, мардлиги, оқилалиги билан миллатимизнинг ғурури ва ифтихорига айланган. Тўмариснинг қаҳрамонлиги йиллар, асрлар ўтса-да, ватанпарварлик, жасорат ва садоқат тимсоли бўлиб қолаверади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қўшма мажлиси баёни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини 2023-йилда амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастурининг 72-бандида таълим муассасаларининг ўқувчи қизлари ўртасида “Ватан меҳри юрагимда” кўрик-танловини ўтказиш вазифаси белгиланган.
Шунга асосан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 14-15 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида Тўмарис издошларининг навбатдаги “Ватан меҳри юрагимда” кўрик-танловининг якуний – республика босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танловнинг ҳудудий босқичларида 10 тадан жамоа иштирок этиб, ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 14 та жамоа Республика босқичида қатнашди.
Икки кун давом этган кўрик-танловда жамоалар кучли тайёргарлик кўргани боис ғолибларни саралаш жараёни ҳакамлар учун анча мураккаб кечди. Танлов наиижаларига кўра биринчи ўринни Қорақалпоғистон Республикаси, иккинчи ўринни Тошкент вилояти ва учинчи ўринни Навоий вилоятидан келган қизлар эгаллашди.
Ғолибликни қўлга киритган мазкур жамоалар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги томонидан диплом ва сертификат, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бошқа иштирокчи жамоаларга турли номинациялар бўйича сертификат ва эсдалик совғалар тақдим этилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси Ахборот хизмати