Ishonch telefoni: 1146 Telefon: +99871 202-10-59

 

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқарув Академияси ҳамкорлигида жорий йилнинг 28 июль куни “Аёлларнинг давлат хизматидаги ўрни: замонавий тенденциялар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2022 йил 28 декабрдаги “2030 йилга қадар ўзбекистон республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг 2021-2022 йилдаги ижроси ҳамда уни амалга ошириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган чора-тадбирларни тасдиқлаш ҳақида”ги СҚ-682–IV-сон қарорининг
1-иловаси билан тасдиқланган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2023 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлар ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, олималар, фаол хотин-қизлар иштирок этдилар.

Мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимизда мустаҳкам қонуний асослар яратилди.

Жорий йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасига мувофиқ, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгилаб қўйилган.

Давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар, Олий Мажлис юқори палатаси томонидан тасдиқланган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясининг амалиётга самарали татбиқ этиб келинмоқда.

Давлат хизмати гендер ёндашуви нуқтаи назаридан, маълум бир ижтимоий-касбий муҳитга эга бўлган аниқ иэрархик тизим бўлиб, унда эркаклар ва аёллар – давлат хизматчиларининг касбий фаолиятини шакллантириш, шакллантириш ва такомиллаштириш, уларнинг мақом-роли, қадриятга йўналтирилганлиги ва шахсий хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Мамлакатимизда яратилган меритократия тамойилига кўра ҳар қандай давлат хизматчиси, жинсидан қатъи назар, ўз қобилияти ва касбий тайёргарлигига мувофиқ лавозимда кўтарилиши мумкин.

Шу билан бирга Замонавий жамиятни демократлаштириш аёлларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишини тақозо этмоқда. Бу борада уларнинг имкониятларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароит яратилмоқда.

Натижада, сўнгги йилларда мамлакатимизда қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортиб, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга, олий таълимда 48 фоизга етди.

Давлат статистика қўмитасининг 2022 йилги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бошқарув ходимлари таркибида аёлларнинг улуши 28,2 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Андижон вилояти (38,8 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси
(34 фоиз), Фарғона вилояти (32,7 фоиз) қайд этилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардир.

Вазир ва вазирга тенглаштирилган лавозимларда хотин-қизлар улуши 2018 йилда 2,9 фоизни ташкил этган бўлса, айни вақтда ушбу кўрсаткич қарийб икки бараварга ошиб, 5,7 фоизга етган.

Юртимизда барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида
1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш тизими жорий этилди.

Бугунги кунда республика ва маҳаллий даражадаги ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлик лавозимларида жами 241 нафар хотин-қизлар фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 2 нафари раҳбар (вазир, қўмита раиси), 9 нафари раҳбар ўринбосари (вазир, раис ва директор ўринбосарлари), 14 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, 4 нафари туман(шаҳар) ҳокими ҳамда 212 нафари туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари лавозимида фаолият юритмоқда.

Давлат бошқарувида хотин-қизлар улушини янада ошириш мақсадида “Давлат бошқарувида хотин-қизлар фаоллигини ошириш дастури” ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди. Дастур доирасида турли соҳаларда бошқарувчилик салоҳиятига эга 25 055 нафар хотин-қизнинг кадрлар захираси шакллантирилди.

Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида “Раҳбар аёллар мактаби” ўқув курслари ташкил этилиб, ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизларни ўқитиб келинмоқда.

Шу билан бирга хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича “Раҳбар аёлнинг бир куни” тадбирлари, маҳаллаларда “Мамлакат тараққиётида хотин-қизлар улуши” мавзуларида давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ҳафталиги ўтказиб келинмоқда.

Сиёсий партияларда фаолият юритаётган хотин-қизларни лавозимларга тавсия этишга қаратилган “ижтимоий лифт” тизими яратилди. Хусусан, сиёсий партияларда фаолият юритаётган ташаббускор раҳбар хотин-қизлар сараланиб, Миллий кадрлар захирасига киритилди.

Шу билан бирга хотин-қизларнинг давлат хизматидаги иштирокини кенгайтириш, хотин-қизлар учун давлат хизматига кириш жозибадорлиги ва иш режими қулайлигини ошириш, аёлларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, оналик таътилида бўлган аёлларни касбга, шунингдек, қайта ўқитишни ташкил этиш, оиланинг фарзандлар тарбиясидаги масъулиятини уйғунлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хотин-қизларнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишида мавжуд гендер стереотипларининг йўқ қилишни даврни ўзи тақозо этмоқда.

Конференцияда хотин-қизларнинг давлат хизматидаги ўрни ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда, долзарб аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга оширишда иштирокини янада кенгайтириш, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Конференция иштирокчилари давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда ва долзарб аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга оширишда хотин-қизларнинг иштирокини янада кенгайтириш, хотин-қизлар учун давлат хизматига кириш жозибадорлиги ва иш режими қулайлигини ошириш борасидаги ишлар самарадорлигини кучайтириш, профессионал давлат аппаратини шакллантиришда хотин-қизларнинг ўрни ошириш ҳамда давлат хизматчиси бўлган аёлларнинг ижтимоий кафолатларини таъминлаш, маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг раҳбарлик лавозимларига хотин-қизларни тайинлаш амалиётини кенгайтириш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ишларда уларнинг фаоллигини ошириш, илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида давлат органлари ва ташкилотларида лавозимда кўтарилиш масалалари бўйича тенг имкониятларни яратиш лозимлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириб ўтдилар.

Конференция якунлари бўйича тавсиялар қабул қилинди.