Ishonch telefoni: 1146 Telefon: +99871 202-10-59

I. Умумий қоидалар

1. Мазкур низом “Соғлом оила - фаровон ҳаёт асоси” мазусидаги видеоролик танловини (кейинги ўринларда – танлов) ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамаси Оила ва хотин-қизлар масалалари котибияти, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар илмий тадқиқиот институти, Кинемотография агентлиги, Реподуктив ва аҳоли саломатлиги маркази, оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари танлов ташкилотчилари ҳисобланади.

3. Танловда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, шу билан бирга, мамлакат ҳудудида истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар, хорижий давлатлар фуқаролари (муаллифлар – жисмоний шахслар, ижодий жамоалар ёки ташкилотлар) иштирок этишлари мумкин.

4. “Соғлом оила - фаровон ҳаёт асоси” мавзусидаги видеоролик танловида қуйидаги йўналишлар устуворлик касб этади.

Бунда:

эрта никоҳ, ноқонуний ҳамда қариндошлар ўртасидаги никоҳ, ногирон, асоратли фарзандлар туғилишининг олдини олиш;

ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, замонавий намунали оилани шакллантириш, анъанавий оилавий қадриятларни мустахкамлаш;

соғлом оилани шакллантириш, туғилишни назорат қилиш ва кичикрок оиланинг афзалликлари ҳақида;

“Соғлом ота-онадан соғлом зурриёд дунёга келиши” ғояси асосидаги видеороликлар;

“Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси, яъни тиббий тавсиялар асосида соғлом фарзанд туғилиши, ривожланиши ва тарбиялашда ота-онанинг ўрни, шунингдек оиланинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларидан келиб чиқиб қарор қабул қилишга қаратилган лойиҳа;

соғлом оилани шакллантириш усуллари ва репродуктив саломатликни тиклаш бўйича аҳоли хабардорлигини ошириш;

аҳоли, айниқса, хотин-қизларга кўрсатиладиган репродуктив хизматлар сифатини ошириш;

соғлом фарзанд дунёга келишида оила аъзоларининг репродуктив маданияти;

эрта туғруқ ва эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, носоғлом турмуш тарзи йўлига кирган қизларда учрайдиган салбий ҳолатлар;

маҳаллаларда ва умумтаълим мактабларида ёшларнинг тиббий маданиятини ошириш ҳамда уларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш;

Амир Темур сингари баҳодир саркарда, юртсевар ўғлонлар, шоира Зулфияхоним каби ақл-заковатли, одоб-ахлоқли қизлар дунёга келтиришдек вазифалар ҳар бир ота-она учун асосий вазифалардан эканлиги тўғрисидаги видеоролик назарда тутилади.

5. Танловни ташкил этиш ва ўтказиш Ташкилий қўмита зиммасига юклатилади.

Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

танловни юқори даражада ташкил этиш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;

танлов доирасида амалга ошириладиган тадбирларни муфовиқлаштириш;

танловнинг ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантириш, унинг фаолиятини муфовиқлаштириш;

танловни юқори даражада ташкил этилишини таъминлаш;

ушбу низомга мувофиқ ғолибларни тақдирлаш ва рағбатлантириш.

6. Танловда қатнашиш учун ариза ва материаллар электрон манзилга ўзбек, рус, қорақалпоқ, инглиз тилларида қабул қилинади.

7. 2023 йил 1 сентябрь (соат 09:00 дан) кунидан танлов учун аризаларни қабул қилиш бошланади. Танлов учун аризалар қабули 2023 йил
30 сентябрда (соат 18:00 да) якунланади.

Белгиланган муддатдан кечиктириб тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.

II. Танловнинг мақсад ва вазифалари

8. Танловнинг мақсади – хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, мазкур жараёнларга жамоатчиликни жалб қилиш.

9. Танловнинг вазифалари:

хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаоллигини ошириш;

хотин-қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш;

фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

соғлом турмуш тарзи ва репродуктив саломатликни таъминлашда аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш;

аҳоли ўртасида эрта никоҳларнинг салбий оқибатларини тушунишига ва англашига ёрдам бериш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш;

фертил ёшидаги аёлларга туғилишни тартибга солишнинг хавфсиз усулларидан ва контрацепциядан фойдаланиш тарғиботларини ташкил этиш;

замонавий контрацепция усуллари, уларнинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақидаги тушунчалар бериш;

вояга етмаган шахсларни репродуктив саломатликни сақлаш масалалари бўйича тарбиялаш ҳамда уларга ахборот бериш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш;

нуроний онахонларни эъзозлаш, уларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан оилаларни мустаҳкамлаш, қизларнинг таълим-тарбияси, маънавий дунёқарашини юксалтиришда фойдаланиш;

оила институтини мустаҳкамлаш, умуминсоний ва миллий қадриятларни тарғиб этиш орқали оилалардаги соғлом ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш.

III. Танловни ўтказиш тартиби

10. Танлов қуйидаги кетма-кетликдаги босқичларни ўз ичига олади:

а) Танловни ўтказиш ҳақида эълон қилиш;

б) Танлов ҳакамлар ҳайъати таркибини шакллантириш ва тасдиқлаш;

в) Танловда иштирок этишни хоҳлаган фуқаролардан ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш;

г) Танлов комиссияси томонидан келиб тушган ариза ва ҳужжатларни мазкур низом талабларига мослигини баҳолаш;

д) Танлов ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолибларни аниқлаш;

е) Танлов ташкилотчилари томонидан ғолибларни тақдирлаш.

IV. Танлов ҳакамлар ҳайъати

11. Танловга топширилган материалларни баҳолаш Ташкилий қўмита томонидан шакллантириладиган ҳакамлар хайъати томонидан баҳоланади.

12. Танлов ҳакамлар ҳайъати коллегиал орган ҳисобланиб, келишувга асосан, халқаро ва жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакилларидан камида 7 кишидан иборат таркибда ташкил топади.

13. Танлов ҳакамлар хайъатининг таркиби Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раисининг тегишли буйруғи билан тасдиқланади.

14. Танлов ҳакамлар хайъати иштирокчилари томонидан топширилган материалларни баҳолаш, танлов жараёнида тўпланган ҳужжатларни кўриб чиқиш бўйича иш олиб боради.

15. Танлов ҳакамлар ҳайъати номзодлар материалларини баҳолаш, материалларни кўриб чиқмасдан қолдириш, ғолибларни аниқлаш ҳақида ва бошқа қарорларни қабул қилади.

16. Танлов ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда қарор қабул қилишга ваколатли ҳисобланади.

 

V. Танлов иштирокчиларини рўйхатга олиш ва материалларга

қўйиладиган талаблар

17. Танловда иштирок этиш учун белгиланган намунадаги аризани
(1-илова) тўлдириб, ижодий иш билан биргаликда жўнатиш лозим.

18. Танловга топширилган материаллар қуйидаги мезонларга мувофиқ кўриб чиқилади:

материалнинг эълон қилинган мавзу ва техник талабларга мувофиқлиги;

кўчирилмаганлиги (плагиат);

ғоясининг оригиналлиги ва ишнинг сифати.

Танловга топширилган материаллар одоб-аҳлоқ қоидалари ва қонунчилик меъёрларига зид бўлган, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, зўравонликни тарғиб қилувчи ҳар қандай жумлалар, сўзлар, тасвирлардан ҳоли бўлиши лозим.

19. Топшириладиган материаллар қуйидаги форматда бўлиши лозим:

avi, mpeg 4, ўлчами – 1920×1080 пиксел, давомийлиги – 180 сониядан ошмаслиги, овози (аудио) – 16 бит, стерео.

Видеороликни Ташкилий қўмита ва ҳакамлар ҳайъати юклаб олиши учун албатта файл алмашув сайтига юкланган бўлиши лозим.

Танлов учун электрон почта орқали жўнатилаётган аризада видео жойланган манзил (ҳавола) аниқ кўрсатилиши лозим.

20. Видеороликлар лавҳалар кетма-кетлигига мосланган субтитр ва муаллифлик номи билан тақдим этилиши лозим.

Танловга тақдим этилган материаллар ўзбек, рус, қорақалпоқ, инглиз тилларида бўлиши мумкин.

Муаллиф ёки ҳаммуаллифларнинг 3 тадан ортиқ ишлари танловга қабул қилинмайди.

Aгар ҳаммуаллифликда тайёрланган материал танловга топширилса, бу ҳақида ариза беришдан олдин бошқа муаллифлар хабардор қилиниши лозим. Муаллифлик ҳуқуқи тўғрисида низо юзага келса, танлов ташкилотчилари жавобгар бўлмайди.

21. Танловга тақдим этилган материаллар электрон кўринишда электрон почта орқали тақдим этилиши лозим.

Номзодлар томонидан танловда иштирок этиш учун тақдим этилган материаллар бўйича изоҳ ёки шарҳ берилмайди ва улар эгаларига қайтарилмайди.

Ташкилотчилар танлов материалларидан кейинчалик ҳам фойдаланиш ҳуқуқини ўзларида сақлаб қолади.

Танловга илмий ишлар, семинарлар, тренинглар, анжуманлар, давра суҳбатлари учун тайёрланган маърузалар, таҳлилий материаллар қабул қилинмайди.

22. Ҳакамлар ҳайъати танловга топширилган материалларни қуйидаги мезонлар бўйича баҳолайди:

долзарблиги (мавзуни танлаш, мазмунида аниқ муаммоли вазият акс эттирилгани ва муаммонинг туб моҳияти очиб берилгани);

ҳолислик (тақдим этилган материалда холислик мувозанатига риоя қилингани);

натижадорлик (материалнинг ижтимоий резонансни юзага келтиргани, кўтарилган муаммонинг оммавий муҳокама этилгани, муаммога нисбатан мансабдор шахсларнинг ёки давлат ташкилотларининг муносабат билдиргани);

оммавийлик (материалнинг содда услубда, кенг жамоатчилик аудиторияси учун тушунарли, осон тилда ёзилгани);

ижодий ўзига хослик мавжудлиги (мавзуни ёритишда, уни тақдим этишда, мазмунида ўзгача ёндашувнинг, ғоя бетакрорлигининг мавжудлиги);

ифода воситаларидан кенг фойдаланганлик (оммавий ахборот воситаларининг турли йўналишларига хос бўлган барча ифода воситалари  (фотосуратлар, аудио, видео, инфографика ва ҳ.к.лардан) ўз ўрнида профессионал тарзда фойдаланилгани.

 

VII. Танлов ғолибларини тақдирлаш

23. Танлов ғолиблари ва совриндорлари ҳақидаги маълумотлар Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади. Шунингдек, ғолиблар телефон ёки электрон манзил орқали шахсан хабардор қилинади.

24. Танлов ғолиблари ва совриндорлари Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси томонидан 2-иловага мувофиқ рағбатлантирилади.

Шунингдек, уларга махсус диплом ва статуэтка тақдим этилади.

VIII. Якуний қоидалар

25. Танловга материал тақдим этган ҳар бир иштирокчи ўз материалининг муаллифлик ҳуқуқи эгаси эканлигига кафолатлаши ва учинчи шахсларнинг интеллектуал ҳуқуқларини бузмаслигини тасдиқлаши шарт.

Материалларда учинчи шахсларнинг интеллектуал ҳуқуқлари объектларидан фойдаланилган тақдирда, иштирокчи муаллифларни кўрсатиши ва иштирокчининг ушбу интеллектуал ҳуқуқ объектидан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини тасдиқлаши шарт.

Учинчи шахсларнинг интеллектуал ҳуқуқларини бузганлиги учун танлов иштирокчилари амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

26. Танлов иштирокчилари томонидан тақдим этилган материаллар учинчи томонларнинг интеллектуал ҳуқуқларини бузган бўлса, ушбу ҳолат юзасидан танлов ташкилотчилари жавобгар ҳисобланмайди.

27. Танлов иштирокчилари ташкилотчиларга тақдим этилган материалларни таҳрир қилиш, шарҳлар ва тушунтиришлар бериш, муаллиф ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда фойдаланишга рухсат беради.

28. Ташкилотчилар танлов материалларидан қуйидаги шаклларда (ижтимоий реклама сифатида) фойдаланиши мумкин:

Оммавий ахборот воситаларида, интернет платформасида, ижтимоий тармоқларда, кўргазмалар, форумлар ва бошқа тадбирлар доирасида.

Ташкилотчи танлов материалларидан фойдаланганлиги тўғрисида ҳисоботлар тақдим этиш мажбуриятини олмайди.

29. Танлов ташкилий қўмитаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

материалларнинг мавзуга мослигини аниқлаш;

материаллар танлов низоми талабларига тўғри келмаган тақдирда, материалларни танловдан четлатиш;

айрим материалларни янада холисроқ баҳолаш учун ҳакамлар ҳайъати аъзоларидан ташқари соҳа мутахассисларини жалб қилиш.

30. Танловни ўтказиш ва унинг ғолибларини тақдирлаш билан боғлиқ барча харажатлар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ва ҳамкор ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан қопланади.